• Телефон:+99871 239-40-42
  • Манзил: Мирзо Улуғбек т-н, Мирзакалон Исмоилий к. 1Г-уй
  • Ишонч телефони: 1146
  • Иш кунлари: Душанба-Жума, 9:00-18:00
Меню

ЗУЛФИЯ НОМИДАГИ ДАВЛАТ МУКОФОТИ РЕСПУБЛИКА КОМИССИЯСИНИНГ НАВБАТДАГИ ЙИҒИЛИШИ БЎЛИБ ЎТДИ

28 январь куни ўтказилган Комиссия йиғилишида танловнинг Республика босқичи юзасидан дастлабки натижалар кенг муҳокама қилинди.

Зулфия мукофоти танловининг Республика босқичига Зулфия номидаги Давлат мукофоти Республика комиссиясининг 23 нафар аъзолари билан бир қаторда, 15 нафар экспертлар турли йўналишларда жалб этилди.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан Республика босқичига тавсия этилган 314 нафар талабгорлар ва Наманган вилояти Хотин-қизлар қўмитаси ҳузуридаги Зулфия мукофоти ҳудудий комиссиясининг заҳира номзодлари таркибида бўлган 4 нафар номзод (истисно тарзида) танловда иштирок этдилар.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан Зулфия номидаги Давлат мукофотига таълим йўналишида 41 нафар, фан йўналишида 43 нафар, адабиёт йўналишида 47 нафар, маданият йўналишида 31 нафар, санъат йўналишида 55 нафар (шундан тасвирий санъат 23 нафар), спорт йўналишида 55 нафар, жамоатчилик йўналишида 42 нафар номзодлар билан юзма-юз суҳбатлар, савол-жавоблар, ижодий синовлар ўтказилди.

Барча номзодлар бир қатор асос ҳужжатлар билан бирга, ўз ўқиш ва иш жойлари ҳамда Ёшлар иттифоқидан тавсиянома ва тавсифномаларни, Ёзувчилар уюшмаси, Журналистлар уюшмаси, бошқа илмий, маданий, ижтимоий соҳалар вакилларидан берилган фикрномаларни тақдим этганлар.

Республика комиссияси номзодларни дастлабки юзма-юз мулоқот ва синовлар (масалан, расм чиздириш, мавзуга оид шеър машқ қилдириш, соҳага оид турли саволлар бериш, хорижий тилларни билиш даражасини ўрганиш ва ҳоказо...) асосида баҳолади.

Комиссия аъзоларининг Ишчи гуруҳларга бўлинган ҳолда 7 та йўналиш бўйича баҳолаган жадваллари, қарорлари, хулосалари асосида бир нечта муҳокамалар ташкил этилиб, Низомга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Администрациясига тақдим этилди.

Талабгорларнинг фаолияти, ютуқлари ҳақидаги маълумотлар Қўмитанинг веб-сайтида эълон қилинади.

Мукофот юзасидан ўрнатилган тартибларга амал қилиш, хусусан номзодлар ҳужжатларини ўз вақтида хатоларсиз тақдим этиш, ҳудудий комиссиялар ишини ташкил этиш борасида йўл қўйган камчиликлар бўйича ҳудудий комиссиялар масъулларига огоҳлантиришлар берилди.

Ҳозирда Республика комиссияси Низомга мувофиқ ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

Эслатма: Совриндорлар рўйхати жорий йил 8 март – Хотин-қизлар байрами арафасида Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан эълон қилинади.

 

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳузуридаги
Зулфия номидаги Давлат мукофоти комиссияси

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech