• Телефон:+99871 239-40-42
  • Манзил: Мирзо Улуғбек т-н, Мирзакалон Исмоилий к. 1Г-уй
  • Ишонч телефони: 1146
  • Иш кунлари: Душанба-Жума, 9:00-18:00
Меню

ЎЗБЕКНИНГ ШАРАФЛИ ШАРОФ ОТАСИ

#Бугун — буюклар туғилган кун

 

Бугун 6 ноябрь таниқли адиб, йирик давлат арбоби Шароф Рашидов туғилган кун!

 

Ўзбек халқи ота деган юксак рутба ва мақом билан улуғлайдиган шахс бўлиш осон эмас.

 

Улуғ халқимизнинг ана шундай меҳрига ва ихлосига сазовор бўлган Шароф ота Рашидов 1917 йил 6 ноябрда Жиззахда таваллуд топган.

 

Шароф Рашидов 1934 йил Жиззах педагогика техникумини, 1941 йил Самарқанд давлат университетини тугатган. Меҳнат фаолиятини муаллим ва мухбирликдан бошлаган. 1938 – 1941 йилларда Самарқанд вилояти газетасида ишлади. 1941-1942 йилларда Иккинчи жаҳон урушида қатнашади. Фронтдан қайтгач, Самарқанд вилояти миқёсида раҳбарлик лавозимларида фаолият кўрсатган.

 

1959 – 1983 йилларда Ўзбекистон Компартиясининг биринчи котиби лавозимларида хизмат қилган. Яъни, салкам чорак аср Ўзбекистон давлатига раҳбарлик қилган.

 

Адиб сифатида “Кашмир қўшиғи”, “Комде ва Мўдан” каби лирик қиссалари, “Коинот” киноқиссаси ҳамда бошқа бир қатор асарлари билан эл ичида машҳур бўлган.

 

#Улуғ инсонлар ҳақида улуғ инсонлар фикри

Барча оилалар учун ҳар томонлама ўрнак ва ибратга лойиқ

 

 Шароф Рашидов умр бўйи ўз халқига, барча соф ниятли инсонларга яхшилик қилиб, уларни улуғ мақсадлар йўлида бирлаштириб, эзгу ишларга сафарбар этиб яшади. Бу олижаноб, донишманд ва бағрикенг инсон, қандай суронли синовларга дуч келган бўлмасин, юксак гуманистик ғояларга доимо содиқ бўлиб, халқимиз қалбида яхши ном, сўнмас хотира қолдирди.

 

 Шароф Рашидов вафот этиши билан унинг хотирасини хўрлаб, қабрини кўчирдилар, оила аъзолари, қариндош-уруғларини, дўстлари ва шогирдларини қувғин қилдилар. “Пахта иши”, “Ўзбек иши”, “Рашидовчилик” деган бўҳтон гаплар билан у кишининг азиз номини, бутун халқимизни ёмонотлиқ қилдилар. Фақатгина мустақиллик даврига келиб, Биринчи Президент Ислом Абдуғаниевич Каримов томонидан тарихий адолат тикланди — Шароф Рашидовнинг пок номи оқланди ва 75 йиллик таваллуд санаси юртимизда кенг нишонланди.

 

 Шароф Рашидов республика раҳбари сифатида зиммасидаги улкан вазифаларга қарамасдан, ўзи бутун борлиғи билан севган адабиётга ҳамиша содиқ қолди.

 

 Шароф ака ва Хурсаной опанинг берган таълим ва тарбияси, шахсий намунаси туфайли уларнинг оиласи, фарзандлари ўз ота-оналарига муносиб бўлиб, эл-юртга фидойилиги билан бу қутлуғ хонадон номини доимо пок сақлаб келмоқда. Бундай хислатлар кўп миллатли халқимиз, юртимиздаги барча оилалар учун ҳар томонлама ўрнак ва ибратга лойиқ бўлган маънавий ҳодисадир.

 

Шавкат МИРЗИЁЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти.

 

Рашидовнинг қизи бўлиш қадрияти ва масъулияти

 

 Шароф Рашидовнинг қизи бўлиш аввало масъулият, одамларга фойда келтиришнинг шахсий манфаатлардан устунлиги. Бунга яна меҳнаткашлик, ўқимишлилик, профессионаллик, камтарлик, ҳалоллик, покизалик, сўз ва иш бир бўлишига интилишларни ҳам жамлаш мумкин. Чунки бу ҳаётда ҳар бир инсон топган ва бой берган барча нарса, аввало, оиласида олган тарбияси маҳсулидир. Мен ва ука-сингилларим доимо ота-онамга муносиб бўлишга ҳаракат қилиб яшадик. Бугун ҳам шундай.

 

 Ҳозир ҳам отамнинг нигоҳларини жуда-жуда яқиндан ҳис қилиб тураман. Нимаики ўйламай ё бажармай, “Бунга отам қандай муносабатда бўларди?” деган савол, албатта, онгимнинг бир четида қойим туради. Айнан мана шу хислат менга доим эзгуликка интилиб яшашда катта қувват бағишлайди.

 

 Отам, том маънода, ўзбек бўлган: халқимизга мансуб барча фазилат унда мужассам эди. Бу доим юзида балқиб турарди – жуда файзли, фариштали инсон эди. Бирор марта бақириб гапиргани ё сўкинганини билмайман. Қийинчиликлар гирдобида катта бўлгани учун ҳаёт ва инсон қадрини жуда теран англарди.

 

 Отам – оиламиз учун ҳамиша идеал инсон бўлган. Чунки кўз ўнгимизда ҳар томонлама юксалиб борди: газета муҳаррирлигидан республикамизнинг биринчи раҳбари даражасига кўтарилди, унинг онги, дунёқараши, маънавияти ҳам шунга мос юксалди. Қайси лавозимда ишламасин, ўзгармади – ўша-ўша самимийлигича қолди.

 

 Оиламизда ёзилмаган, лекин қандайдир қатъий тизим бор эди. Отам бизнинг таълим-тарбиямиз ҳақида онамдан сўраб-суриштирарди. Дўстларимиз кимлиги, фанларни қандай ўзлаштиришимиз, нима китоблар ўқиётганимиз, уйга ким келиб-кетаётганигача қизиқарди. Сўнг ҳар биримиз билан кўнглимизга мос гаплашарди. Албатта, талабчан эди, бироқ жазолашга шошилмасди. Дейлик, фарзандларига бир нарсани қатъий буюрмас, балки таклиф сифатида айтарди. Фикрлашга ундарди. Биз уни бажонидил қўллаб-қувватлардик. Отам биздан хурсанд бўлиши, ғурурланиши учун барчасига тайёр эдик.

 

 Онам Хурсаной ая жуда зиёли, ўқимишли, камтар, меҳрибон, оиласига садоқатли аёл эди. Гарчи олий маълумотли бўлса-да, у давлат ишидан кўра, оилани танлаган. Чунки оиламиз кичкина эмасди, фарзандлардан ташқари бошқа қариндошларимиз ҳам биз билан яшарди.

 

 Кечки овқатдан сўнг отам онам билан анча гаплашиб ўтирарди. Бирга сайр қиларди. Бу суҳбатлар, асосан, оила, фарзанд-неваралар тарбияси, адабиёт, ҳаёт мазмуни ҳақида бўлган. Онам етим ўсгани учун отамга қаттиқ суянарди. Иккиси бир умр бир-бирини қўллаб-қувватлаб яшади.

 

 Агар мендан “Шароф Рашидов қандай қилиб бундай юксакликка эришган?” деб сўрашса, “Аввало, оиласида барча нарса жойида бўлган, унинг ўзига муносиб оқила, доно ва гўзал рафиқаси бўлган”, деб жавоб берардим.

 

Сайёра РАШИДОВА,
академик, Шароф Рашидовнинг қизи.

 

Чеҳрасида офтоб кулган зот

 

Чеҳраларида офтоб кулиб турадиган беназир инсон Шароф ота Рашидов менинг тақдиримдаги улкан бурилишнинг бошида турди. Бу одамнинг ижодий муҳитда ўрнимни топишимдаги хизматлари беқиёс. Мактабда ўқиб юрганимда бир қатор шеърларим вилоят газетасида чоп этилади. Шунда Сирдарёга хизмат сафарига борган Шароф Рашидович мени шеърларимни ўқиб қоладилар ва вилоят ҳокими Носир Маҳмудович ва “Сирдарё ҳақиқати” газетаси муҳаррири Исмоил Сулаймоновни чақириб, мен ҳақимда суриштирадилар ва “Шу қизалоқнинг уйига бориб отаси билан олий ўқув юртига кириши масаласини ҳал қилиб келасизлар”, деб топшириқ берадилар (бу ҳақда журналист Исмоил Сулаймоновнинг китобида батафсил ёзилган). У вақтларда қизларнинг Тошкентга келиб ўқиши камроқ кузатиларди. Мана шу биргина эътибордан сўнг мен Тошкентга ўқишга келдим, ижодда бир қатор ютуқларга эришдим.

 

Кейинчалик ҳам шахсан ўзлари менинг ижодимни кузатиб бордилар. Шунингдек, Москвадаги Олий адабиёт курсларида ўқиб юрган кезларимда Шароф ота бир йиғинга бориб, Россиядаги “Советский писатель” нашриёти директори билан маслаҳатлашиб менинг рус тилидаги китобимни нашр эттиришни шахсан ўзлари ташкиллаштирганлар. Уларнинг ғамхўрликлари натижасида 2 та китобим — “Белый яблоки”, “Решимост” китобларим босмадан чиққан. Катта бир мамлакатнинг раҳбари эндигина чиқиб келаётган ниҳолдеккина бир шоирага бу қадар эътиборда бўлишини қайда кўргансиз?

 

Истеъдодни парваришлаш деган юксак фазилат бобомерос хислат, бу хислат Темурий боболаримиздан Шароф оталарга, энди улардан бугунгиларга мерос бўлиб ўтганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Бу инсон менга то ўлгунларига қадар яхшилик ва яна яхшилик қилиб кетдилар. Шу боисдан мен Шароф ота оламдан ўтганида “Алвидо, отажоним, демоққа тилим бормас, Ёраб, бу видо шеърни ёзмоққа қўлим бормас” деган сатрларни куюниб ёздим. Жойлари жаннатда бўлсин!

 

Ҳалима ХУДОЙБЕРДИЕВА,
Ўзбекистон халқ шоири.
(1947 – 2018 йй
.)

БАҒИШЛОВ

Бу шундай бевафо дунё, бу ҳаёт,
Тунда туғишганинг тонгда етти ёт.
Балки тақдир шудир, балки шу қисмат,
Биздан рози бўлинг руҳи нотинч зот.

 

Борингизда бизга бўлдингиз Ота,
Йўғингизда йўқдан қидирдик хато.
Беайб Парвардигор, дейдилар ҳатто,
Биздан рози бўлинг руҳи нотинч зот.

 

Ҳали тупроғингиз совимай туриб
Руҳингиз қақшатдик қабрингиз суриб.
Чиғатой томонга кетдингиз юриб,
Биздан рози бўлинг руҳи нотинч зот.

 

Қабр учун дилдан жой топганлар бошқа
Қул бўлиб шоҳ қўлин ўпганлар бошқа,
Ўлганнинг устидан тепганлар бошқа,
Биздан рози бўлинг руҳи нотинч зот.

 

Сизни алқаганлар бир халқ, бир денгиз
Сизни қарғаганлар жўраларингиз.
Сизни адо қилди тўраларингиз,
Биздан рози бўлинг руҳи нотинч зот.

 

Сизни золим десак ранжир адолат,
Фаришта десак ҳам кўнгил хижолат.
Инсонсиз — омадли, гоҳи беомад,
Биздан рози бўлинг руҳи нотинч зот.

 

Ким бўлманг сиздан шу юрт бизга мерос,
Йўқчилик, тўқчилик, не бўлса рўй-рост.
Энди тупроқ сизни айласин эъзоз,
Биздан рози бўлинг руҳи нотинч зот...

 

Шоҳларга ҳамиша хушомад зомин,
Кўзин ёғин ялаб, сотарлар номин.
Шеърим ҳам тугади, ўзбекча омин,
Биздан рози бўлинг, руҳи нотинч зот!

 

 

ХУРСАНОЙ ОПА
(Шароф Рашидовнинг жуфти ҳалоли Хурсаной ая Рашидовага)

 

Катта даргоҳларнинг дарди ҳам катта,
Буни англаганлар англар, албатта.
Шоҳга суюмли ёр бўлиб ҳам ҳатто,
Хурсанд яшаш қийин, Хурсаной опа!..

 

Малика қанчалар қайрилмақошдир,
Унга шунча куйган қўйинда тошдир,
Шоҳга хушомадгўй — унга кундошдир,
Хурсанд яшаш қийин, Хурсаной опа.

 

Бормаса юрт кутар, қандай кўз юмур,
Келмаса кўнгил ғаш, эт жимир-жимир,
Муҳтожлик кўрмай ҳам яшаб бир умр,
Хурсанд яшаш қийин, Хурсаной опа.

 

Подшонинг кўксида экан бошингиз,
Сизнинг кимингиз кўп — қариндошингиз,
Ким келди оққанда кўздан ёшингиз?..
Хурсанд яшаш қийин, Хурсаной опа.

 

Кундуз кечган дўстни кўриб тутоқиб,
Кечалар эгасиз эҳромга боқиб,
Сочлари оқарган Илҳомга боқиб,
Хурсанд яшаш қийин, Хурсаной опа.

 

Кеча нодончалар қилишиб ҳузур,
Ҳайкалин тиклашиб, ҳайкалин бузиб,
Бугун бари келса, сўрашиб узр,
Хурсанд яшаш қийин, Хурсаной опа.

 

Ана, фариштангиз турди ҳам гўрдан,
Жойи тўрда эди — беришди тўрдан,
Сизда ҳам бор экан манглайда шўрдан,
Хурсанд яшаш қийин, Хурсаной опа.

 

У кун қабристонга бордим. Турдим тек,
Шоҳ ётар ёнида набира ҳам лек —
Худди Амир Темур билан Улуғбек...
Хурсанд яшаш қийин, Хурсаной опа.

 

Бу дард етар Сизга ўла-ўлгунча,
Бардошингиз тоғдек бўлмаса бунча?
Ноланг ҳаққа етиб қайтиб келгунча,
Хурсанд яшаш қийин, Хурсаной опа.

 

Шеърим ўқиб дерсиз, сенга нима ғам?
Умримда бир сизни кўрмаганман ҳам.
Кимда ғам кўп бўлса — у менинг онам!..
Хурсанд яшаш қийин, Хурсаной опа.

 

Муҳаммад ЮСУФ,
Ўзбекистон халқ шоири.
(1954 – 2001 йй
.)

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech