• Телефон:+99871 239-40-42
  • Манзил: Мирзо Улуғбек т-н, Мирзакалон Исмоилий к. 1Г-уй
  • Ишонч телефони: 1146
  • Иш кунлари: Душанба-Жума, 9:00-18:00
Меню

ЎЗБЕКИСТОН ХОТИН-ҚИЗЛАР ҚЎМИТАСИДА УЧРАШУВ

Бугун Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси биносида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги масъул вакиллари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

 

Тадбирда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Баситханова ҳамда Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Хусанов келгусида ўзаро ҳамкорликда амалга ошириладиган масалаларни муҳокама қилдилар.

 

Хусусан, учрашувда хотин-қизлар бандлигини таъминлашга оид 2020 йилда ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар режаси кўриб чиқилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг 2019 йил 11 октябрдаги “Хорижда бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирлар” дастури ижросини таъминлаш мақсадида хориждан қайтган фуқаролар ҳамда меҳнат муҳожирларини фойдали меҳнатга йўналтириш ва хотин-қизлар ўртасида ташқи ҳамда ички миграцияга оид масалалар муҳокама қилинди.

 

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Баситханова бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Хусановнинг эътиборини оғир турмуш шароитида яшаётган хотин-қизларни манзилли рўйхатлар асосида квоталанган иш ўринларига жойлаштириш орқали бандлигини таъминлаш масаласининг долзарблигига қаратди.

 

Тадбирда вақтинчалик бир марталик ишлар билан шуғулланадиган хотин-қизларга муносиб меҳнат шароитларини яратиш юзасидан ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар ҳам келишиб олинди. Шу билан бирга, томонлар хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлашга оид муаммоларни бартараф этиш борасида яна изчил ҳамкорликни йўлга қўйиш зарурлигини эътироф этдилар.

 

Маълумки, жорий йил 29 май куни давлатимиз раҳбари республика олий таълим муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш, мамлакатда илмий тадқиқот ва инновацион фаолиятнинг самарадорлигини ошириш юзасидан истиқболдаги вазифаларни белгилаш масалаларига бағишлаб ўтказилган мажлисда 2018/2019 ўқув йили битирувчи қизларини иш билан таъминлаш чораларини кўриш юзасидан мутасаддиларга қатъий топшириқлар берган эди. Учрашувда ушбу топшириқларни амалга ошириш бўйича қилинаётган ишлар танқидий кўриб чиқилди.

 

Шунингдек, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Баситханова оиласида ногирон фарзандлари бор оналарнинг уй меҳнати (касаначилик) билан бандлигини таъминлаш чораларини кўриш ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 февралда имзоланган “Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4185-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида етим болалар бандлигини таъминлаш йўналишида ҳам Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси мазкур вазирлик билан ҳамиша изчил ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини маълум қилди.

 

Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, юқорида санаб ўтилган масалалар юзасидан амалий чора-тадбирларни кучайтиришга йўналтирилган “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқишга келишиб олдилар.

 

 

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Матбуот хизмати.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech