• Телефон:+99871 239-40-42
  • Манзил: Мирзо Улуғбек т-н, Мирзакалон Исмоилий к. 1Г-уй
  • Ишонч телефони: 1146
  • Иш кунлари: Душанба-Жума, 9:00-18:00
Меню

ҲУҚУҚ ПАЙМОЛ БЎЛМАСИН

Ижтимоий тармоқда Сурхондарё вилояти, Сариосиё туманида истиқомат қилувчи Холбиби Доноеванинг ўз уйи тортиб олинишига қарши қилган намойиш видеоси тарқалди. Икки фарзанди билан кўчада қолишидан қўрққан аёл қўлига болта кўтарган холда Давлатимиз раҳбаридан ёрдам сўраган.

Бу жараёнга Сурхондарё вилояти Матбуот хизмати шундай ойдинлик киритди:

“Ишчи гуруҳ аъзоларининг 2020 йил 8 февраль куни Сариосиё тумани, “Гулобод” маҳалласи, “Чорбоғ” қишлоғига ташрифидан кўзланган мақсад 7қ-контурдаги 1.20 гектар сувли ер майдонида қурилган бино-иншоотларнинг қонунийлигини аниқлаш, шунингдек, деҳқон хўжалигини ташкил этиш учун ажратилган ер майдонларидан фуқароларнинг ўзбошимчалик билан қурган ва кейинчалик бузиб олган қурилишлари қолдиқларини даладан чиқартириш бўлган.

Шунга кўра, фуқаро Донаева Холбиби томонидан мазкур манзилда 15,75 кв.м ҳажмда 1 хонали турар жой ва 4,00 кв.м. ҳожатхона иморатлари қурилган бўлиб, Сариосиё тумани ҳокимининг 28.09.2019 йилдаги 6065-сонли қарори билан Донаева Холбиби Эргашевнанинг мазкур турар жойга эгалик ва мулк ҳуқуқи эътироф этилган”.

Аҳоли билан учрашган туман ҳокими улар қурган уй-жой сувли ҳудуд бўлгани боис, бу ерда экин экилишини айтган. Ер эса, аҳолининг аукционда ютиб олган манзили эмаслиги тушунтирилган.  Холбиби Доноеванинг уйи ҳам бузилиши, қурилиш моллари айтилган манзилга етказиб берилишига ваъда берилган. Аммо аёл ўз уйини ташлаб кетмаслигини таъкидламоқда.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳуқуқшуноси ва мутахассислари аёлнинг ҳақ-ҳуқуқларини атрофлича ўрганди, ҳужжатлар билан танишди. Қолаверса, қўмита вакили аёл билан суҳбатлашгани борди. Аёл уйи бузилишини истамайди ва барчаси ҳаққоний қарор топишини хоҳлайди. Вазият чигал, видео-мурожаатда  ҳокимлик ва аҳоли ўртасидаги тушунмовчиликларни ҳам яққол кўриш мумкин.

Яна шуни таъкидлаб ўтиш керакки, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Матбуот хизмати ходимлари  Холбиби Доноева билан телефон орқали мулоқот қилди. Аёл ёлғиз она бўлганлиги, икки нафар фарзанди билан кўчада қолишни истамаганини, ҳамда бошпанасини ташлаб кетмаслигини таъкидлади.

Қолаверса, вилоят мутасадди ходимларига ишонмаслигини ва бу ишни Республика миқёсида кўриб чиқилишини сўради.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси бу масала бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига расмий хат юборди. Вазият юзасидан ўзгаришларни ҳавола қилиб борамиз.

 

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech