• Телефон:+99871 239-40-42
  • Манзил: Мирзо Улуғбек т-н, Мирзакалон Исмоилий к. 1Г-уй
  • Ишонч телефони: 1146
  • Иш кунлари: Душанба-Жума, 9:00-18:00
Меню

СПЕКТАКЛДА ГЕНДЕР ТЕНГЛИГИ БЎЙИЧА ЖИДДИЙ МУАММОЛАР КЎТАРИЛДИ

Ўзбекистон Республикасининг Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси ҳамда Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ҳамкорликда муҳим лойиҳа амалга оширилмоқда. Хусусан, унинг доирасида мактаб ўқувчилари учун жамиятда хотин-қизларнинг ўрни мавзуида саҳна асарлари тайёрланди.

 

Жумладан, навқирон авлод вакиллари учун содда ва ҳаётий воқеалар асосида аёллар ва эркаклар тенг ҳуқуқ ва имкониятларга эга эканлигини ифода этувчи учта асар саҳналаштирилди. Улар ёш авлод вакилларига хотин-қизлар ҳуқуқларининг моҳиятини тушуниш, эркинликни чеклаш, камситиш нима эканлигини фаҳмлашга кўмак беради.

 

“Форум театр” усулида ўтказиладиган бу тадбирнинг эътиборли жиҳати шундаки, тақдимотдан сўнг муҳокамалар ҳам бўлиб ўтади ва унда томошабинлар ўз фикрларини билдириши мумкин, ҳаттоки спектакль жараёнида саҳнага чиқиб, ролга кириб, воқеанинг ўз талқинини тақдим этиш имконияти ҳам бор.

 

Спектаклда кўплаб жиддий муаммолар кўтарилган. Жумладан, бир саҳна асарида ҳаётий воқеалардан мисоллар келтирилган. Каратэ бўйича Ўзбекистон чемпиони бўлган қизнинг онаси фарзанди келажаги ҳақида қайғуради. Унинг фикрича, спорт билан шуғулланган қизнинг турмушга чиқиши қийин бўлади. Шахмат билан шуғулланувчи кичик укаси эса уй ишларида онасига кўпроқ ёрдам беради. Мураккаб вазиятларда ота ва ўғил қизлар тарафига ўтади ва бунинг ҳеч қандай ёмон томони йўқлигини амалда исботлайдилар.

 

Яна бир театрлаштирилган асарда эса ишхонадаги ҳолат ҳикоя қилинади. Ташкилот раҳбари ишдан четлаштирилади ва унинг ўрни бўш қолади. Ушбу лавозимга эркак ва аёл даъвогарлик қилади. Лекин аёл юксак малакали мутахассис бўлишига қарамасдан эркак номзод раҳбарлик лавозимига тайинланади. Шундан сўнг, фаолиятни ривожлантириш бўйича лойиҳа ғоялари бўйича танлов эълон қилинади. Алалоқибат аёл кишининг дастури энг яхши ғоя сифатида эътироф этилиб, у раҳбарга айланади. Шу каби қарама-қарши воқеаларга бой асар томошабинни эътиборсиз қолдирмайди.

 

Мутахассисларнинг фикрича, болалик ва ўсмирлик даври инсон онги ва дунёқараши шаклланадиган пайт. Бу ёшда фарзандларимиз таъсирчан ва воқеаларга адолат нуқтаи назаридан баҳо беришга ҳаракат қиладилар. Ана шундай паллада катталарнинг тўғри йўл кўрсатиши, тегишли тушунчаларни тўғри шакллантириши келгусида катта самара бериши шубҳасиз.

 

Ушбу лойиҳа Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида ўтказилди.

 

 

МАНБА: "ХАЛҚ СЎЗИ ONLINE"

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech