• Телефон:+99871 239-40-42
  • Манзил: Мирзо Улуғбек т-н, Мирзакалон Исмоилий к. 1Г-уй
  • Ишонч телефони: 1146
  • Иш кунлари: Душанба-Жума, 9:00-18:00
Меню

СИРДАРЁДА АЁЛЛАРГА МАНЗИЛЛИ ЁРДАМ КЎРСАТИЛАДИ

Хабарингиз бор, хотин-қизлар ва оилалар муаммоларини ўрганиш ва аёлларнинг оғирини енгил қилиш мақсадида Президент топшириғи асосида Республика Ишчи гуруҳи ташкил этилди.
Ишчи гуруҳ жорий йилнинг 17-18 январь кунларида Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманидаги маҳаллаларда истиқомат қилаётган хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий ва маиший шароитларини ўрганди.


“Йиғлашга ёши йўқ аёллар”

Янги Сенатнинг 20 январдаги илк мажлисида Давлатимиз раҳбари жуда таъсирчан сўзларни айтдилар: “Сирдарёда уйма-уй юрилди, ейишга нони йўқ, уйида тўшашга шолчаси йўқ, дори олишга пули йўқ, йиғлашга ёши йўқ аёллар бор. Энди ёрдам манзилли кўрсатилади!”
Ҳақиқатан ҳам, ўта оғир шароитда яшаётган аҳоли вакилларини кўрдик. Азамат, кучга тўлган йигитларнинг тўшакка михланиб ётганини, бечора оналари мўнғайиб бошида ўтирганини, дори-дармонга пули йўқлигидан ночор турганини кўрдик. 35 ёшли оғир операциядан ўтган келинчакни ўзи инсультдан эндигина турган 60 ёшли қайнонаси меҳрибонлик билан қараб, парвариш қилаётганини кўриб, иссиққина уйларида қайнона-келин жангига киришиб кетган “тўқликка шўхлик қилаётганлар” кўз ўнгимиздан ўтди.
“Муаммолар бизни чарчатди, лекин дилимизда шукримиз бор”, дейишади аксарият оилалардаги аёллар.
Муаммолар таҳлили
Бугунги кунга қадар туманнинг 38 та маҳалласига бўлиниб ишлаётган гуруҳ аъзоларининг хонадонлар вакиллари билан кечган суҳбатлари натижасида энг кўп қайд этилган муаммолар аниқланди.
Айни кундаги таҳлилларга кўра, соғлиқ билан боғлиқ масалалар 140 тани ташкил этди. Бу дегани ҳар ёрдамга муҳтож оилаларнинг 3 тасидан 2 тасида нимадир касаллик билан оғриётган беморлар бор. Уй-жой билан боғлиқ масалалар 120 тани ташкил этди, бу кўрсаткич аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжи юқорилигини кўрсатди. Моддий-ёрдамга муҳтожлик, ишсизлик, табиий газ ва газ баллонга бўлган эҳтиёж, паспорт ва фуқаролик билан боғлиқ муаммолар ҳам аҳолининг яшаш тарзини қийинлаштирмоқда. Ва айниқса бу ҳолатлар оиладаги аёлларга оғирлик қилмоқда.
Ишчи гуруҳ аъзоларига зарур кўрсатмаларни берар экан, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова: “Соғлиқ билан боғлиқ муаммолар кўплиги боис оиланинг даромади дори-дармонга сарф бўляпти. Оила бу ҳолда қандай қилиб эҳтиёжмандликдан чиқа олади, ахир? Президентимиз бизни шу муаммоларга оқилона ечим топиш учун юбордилар.”, дея фикрини таъкидлади.
“Энди ёрдам манзилли кўрсатилади”
Касаба уюшмалари Федерацияси, Хотин-қизлар қўмитаси, Маҳаллалар кенгаши, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, Маънавият ва маърифат маркази вакилларидан ташкил топган Ишчи гуруҳ томонидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида ҳозиргача аниқланган муаммоларни ҳал қилиш учун чоралар белгиланмоқда.
Республика ишчи гуруҳи томонидан Сирдарё тумани 4 та сектордаги маҳаллалар ва оилаларда хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этиш ва манзилли ёрдам кўрсатиш мақсадида “йўл харитаси” ишлаб чиқиш белгиланди.
Ҳозирда ўрганишлар давом этмоқда.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech