• Телефон:+99871 239-40-42
  • Манзил: Мирзо Улуғбек т-н, Мирзакалон Исмоилий к. 1Г-уй
  • Ишонч телефони: 1146
  • Иш кунлари: Душанба-Жума, 9:00-18:00
Меню

СИРДАРЁ: ОҒИР ВАЗИЯТГА ТУШГАН ОДАМЛАРГА, АЙНИҚСА АЁЛЛАРГА ҚАНДАЙ ЁРДАМ КЎРСАТИЛМОҚДА?

Хабарингиз бор, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Сенатининг биринчи йиғилишида Сирдарёдаги вазиятга тўхталди.
 
Уйма-уй юрилганда ейишга нони йўқ, уйида тўшашга шолчаси йўқ, дори олишга пули йўқ, йиғлашга кўзида ёши йўқ аёллар борлиги ҳақида фикрлар билдирилди.
 
Шундай сўнг ушбу вазиятга муносабат, Сирдарё вилоятидаги ана шу ҳолатлар акс этган фотосуратлар сайтимизда эълон қилинди.
 
Хўш, кун тартибига чиққан муаммоли вазият вилоятда қандай ҳал этилмоқда?
 
Бу саволга мутасаддилардан ЎзАга жавоблар келишда давом эмоқда.
 
Маълум бўлишича, Давлатимиз раҳбарининг топшириғига биноан Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманидаги маҳаллаларда истиқомат қилаётган хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий ва маиший шароитларини ўрганиш учун ишчи гуруҳи юборилган.
 
Хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Республика Ишчи гуруҳига Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов раҳбарлик қилмоқда.
 
Ишчи гуруҳ таркибида Республика Хотин-қизлар қўмитаси, Маҳаллалар кенгаши, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, Маънавият ва маърифат маркази мутахассислари қамраб олинган.
 
Демак, куни кеча эълон қилинган фотосуратлардаги ёрдамга муҳтож манзаралар вилоятнинг Сирдарё туманида олинган.
 
Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси матбуот хизматидан маълум қилишларича, ишчи гуруҳ аъзолари Сирдарё туманидаги 38 маҳаллага бориб, уйма-уй юриб, одамларнинг яшаш шароитлари билан танишган.
 
Ижтимоий ҳимояга муҳтож, айниқса, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, саломатлигини тиклашга эҳтиёжи бор хотин-қизлар аниқланиб, уларга амалий ёрдам кўрсатиш бошланган.
 
Жумладан, Бешбулоқ маҳалласида яшовчи ўнлаб оилалардаги хотин-қизларга манзилли ёрдам кўрсатишга киришилган. Уйма-уй юриб ўрганишлар жараёнида Тараққиёт маҳалласида яшаётган Махаматқуловлар оиласида моддий етишмовчилик сабабли уй-жой шароити ёмонлашгани аниқланган. Бу хонадонни таъмирлаш муаммоси ҳозирда ҳал этилмоқда.
 
Очиқ мулоқот ва суҳбатлар асносида шу маҳаллада яшовчи Салима Яссакова уй-жой олиш учун имтиёзли кредит олишда амалий ёрдам сўраган. Аҳиллик маҳалласида яшовчи, 2-гуруҳ ногирони бўлган Шаҳло Жўраева эса чорва моллари сотиб олиб, олиб боқиш орқали ўз оиласининг иқтисодий аҳволини яхшилаш ниятида эканини билдирган.
 
Истиқбол маҳалласида истиқомат қилаётган ёлғиз аёл Хадича Мухторованинг уйи таъмирга муҳтожлиги маълум бўлган.
 
Табиий газ, тоза ичимлик суви, электр энергияси таъминоти, йўлларни таъмирлаш бўйича ҳам муаммолар мавжуд. Мактабгача таълим муассасаси, соғлиқни сақлаш тизими билан боғлиқ ҳал қилиниши зарур бўлган масалалар ҳам йўқ эмас.
 
Ҳозирда Республика Ишчи гуруҳи одамларни қийнаётган шу каби муаммоларни бартараф этиш ва амалий ёрдам кўрсатиш чораларини кўрмоқда. Шу мақсадга қаратилган “йўл харитаси” ишлаб чиқилган.
 
- Ишчи гуруҳ таркибида Сирдарё туманида бўлганимизда ёрдамга муҳтож аёлларга нафақат кўмак кўрсатилиши, балки уларни келгусида қийин аҳволга тушмаслиги учун чоралар кўриш зарурлиги ҳақида ўйладик, — дейди Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси бўлими бошлиғи Дилором Қўзиева.– Шу боис қўмитамиз томонидан маҳаллалардаги ижтимоий-иқтисодий ва маънавий муҳитни барқарорлаштириш, оилалардаги хавфсизлик ва фаровонликни таъминлаш ҳамда мустаҳкамлашга қаратилган Кенгаш ташкил қилишга қарор қилинди.
 
Ушбу кенгаш хотин-қизлар бўйича маҳалла мутахассиси бошчилигидаги гуруҳларни қамраб олади. Ҳар бир маҳаллада ушбу кенгаш таркибига кирувчи жами 30 нафар фидойи фаолият олиб боради.
 
Ҳар бир гуруҳ раҳбари ўзига бириктирилган маҳалладаги секторлари бўйича оилалардаги муаммоларни ўрганади ҳамда кунлик график бўйича маълумот бериб туради ва тегишли чораларни кўради.Ушбу тизим бир вақтнинг ўзида маҳалладаги ҳар бир оила ҳолати бўйича мониторинг олиб бориш ва тегишли чораларни ўз вақтида кўриш имконини беради.
 
Қачонки, аёл тадбиркор бўлса, нафақат ўзи, рўзғори, маҳалласи, юртини обод қилади. Шу нуқтаи назардан аёллар ўртасида кичик тадбиркорлик ривожлантирилади. Аёлларимиз оиласидан узоқлашмаган ҳолда тикувчилик, пазандалик билан боғлиқ фаолият олиб борса, ҳеч кам бўлмайди. Шу боис қўмита мутахассислари шу мақсадга халқаро грантларни жалб қилишга уринаётгани қувонарли.
 
Дилором Қўзиеванинг айтишича, ушбу мақсадга қаратилган ишлар бўйича илк қадамлар қўйилган. Хитой элчихонаси бу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, замонавий тикув машиналари, мева қуритиш, пицца ва бошқа пишириқлар тайёрлайдиган ускуналар учун маблағ ажратган. Бу ускуналар тез орада ўз эгаларини топади.
 
Эзгуликка чорлов ҳам аслида катта бир эзгуликдир! Топшириқ асосида бўлса ҳам мутасаддилар ёрдам муҳтож манзилларга етиб бориб, одамларнинг жонига ора кирмоқда. Сирдарёга борган масъул шахслар мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам шундай манзиллар бўлиши мумкинлигини, ёрдам кутаётган одамлар борлигини унутмасалар нур устига аъло нур бўларди.
 

 

 
Норгул АБДУРАИМОВА, ЎзА
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech