• Телефон:+99871 239-40-42
  • Манзил: Мирзо Улуғбек т-н, Мирзакалон Исмоилий к. 1Г-уй
  • Ишонч телефони: 1146
  • Иш кунлари: Душанба-Жума, 9:00-18:00
Меню

ИККИНЧИ ЖАҲОН УРУШИ. ЎЗБЕКИСТОН . ЖАСОРАТ СОЛНОМАСИ (2-ҚИСМ)

Буюк Ғалабанинг 75 йиллигига

  

Яна етти ойдан кейин бутун инсоният Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Буюк Ғалабанинг 75 йиллигини тантанали нишонлайди.
 
 
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) 30 октябрдан бошлаб Иккинчи жаҳон урушида ўзбекистонлик жангчиларнинг жасоратлари тўғрисида туркум материаллар беришни бошлади. Унда жаҳон урушининг дастлабки азобини тортган Брест қалъаси, Москва, Ленинград, Сталинград шаҳарлари, Европа давлатлари ва, ниҳоят, уруш олови ёқилган Германия ҳамда унинг пойтахти Берлин шаҳри учун бўлган жангларда собиқ совет армияси сафида ҳамда партизанлик ҳаракатларидаги ўзбек жангчиларининг қаҳрамонликлари тўғрисида ҳикоя қилинади.
 
 
 
Ватан тимсолига айланган она
II қисм
 
Адабиётда биз, 60-70 йиллар авлоди Максим Горькийнинг “Она” романини ва ундаги Пелагея Ниловна образини биламиз. Николай Островскийнинг “Пўлат қандай тобланди?” повестини ва унинг бош қаҳрамони Павел Корчагинни, машҳур “Коммунист” бадиий фильмида бош ролни ижро этган улкан актёр Евгений Урбанский яратган фидойи фирқа аъзоси образини билар эдик, лекин, минг афсуски, шундоққина ёнимиздаги, Тошкент вилояти Зангиота туманининг Хонобод маҳалласида уруш йиллари яшаган ҳаётдаги реал қаҳрамон она Зулфия Зокирова ҳаётини яхши билмас эканмиз.
 
 
Тошкентлик она тўғрисида ёзувчи, журналист Алиназар Эгамназаровнинг «Беш жангчининг онаси», физика-математика фанлари доктори Мансурхон Тоировнинг “Ватан тимсолига айланган она” очеркларини ўқиб, юқорида қайд этилган шўролар даврида ўрта мактаб дарсликларига киритилган буюк рус ёзувчиларининг асарларидан олмаган маънавий озиқ, ҳис, эҳтирос, ҳаяжонни бошдан кечирдим. Лавҳани ўқир эканман, вужудимни майда титроқ босиб, ичимдан вулқон бўлиб отилиб чиққан ун, нидо узоқ вақт сўнмай, иссиқ ва мўл кўз ёшларига айланди. Иккинчи жаҳон уруши ҳақида ёзар эканман, Зулфия онани ёддан чиқара олмадим, бир нима ёзишга қарор қилдим. Лекин юқорида қайд этилган очеркларга қўшимча шарҳдан бошқа бирон-бир сўз қўша олганим йўқ. Балким, ортиқча гап-сўзларнинг кераги ҳам йўқдир.
Лекин, авваламбор, иқтибос-муқаддима: “Уруш қаҳрамонлари ҳақида гапирар эканмиз, табаррук Она сиймоси кўз ўнгимизда намоён бўлади. Чунки эл-юрт ҳимоясини ор-номус иши деб биладиган мард ва ботир ўғлонларни вояга етказган улуғ зот – онадир...
 
 
 
 
 
 
Сўзимнинг исботи учун бир мисол келтирмоқчиман. Тошкент вилояти Зангиота туманидаги Хонобод қишлоғида Зулфия ая Зокирова исмли бир мўътабар онахон яшаб ўтганлар. Том маънода буюк бу инсоннинг жасоратини таърифлашга тил ожиз. Турмуш ўртоғи Холмат ака вафот этгач, Зулфия ая беш ўғил ва бир қизни тарбиялаб вояга етказганлар. ...Зулфия ая Зокирова Иккинчи жаҳон урушида бир эмас, беш азамат ўғлидан жудо бўлган. Лекин Зулфия Зокировадек матонатли, қаҳрамон ўзбек аёли бунга бардош бера олди. Ёвуз уруш туфайли аянинг тўрт келини бева, беш набираси етим бўлиб қолди. Мана, севги ва садоқат мадҳияси, унинг енгилмас куч-қудрати! Ҳаётда бирон-бир қийинчиликка дуч келса, умидсизликка тушмасдан, уларни бардош билан енгиб ўтишда Зулфия Зокирова ва унинг оиласи ёш авлодимиз учун чинакам ибрат мактаби эмасми? Яхшилар ёди ҳеч қачон унутилмайди...
 
 
Биз эзгу ният билан барпо этадиган Ғалаба боғи марказига Зулфия Зокирова ва унинг фронтдан қайтмаган беш ўғли, садоқатли келинлари хотирасига атаб муҳташам ҳайкал ўрнатсак, унга “Матонат мадҳияси” деб ном берсак, нима дейсизлар?”
(Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 9 майдаги Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқидан).
 
 
Зулфия Зокированинг Исоқжон, Аҳмаджон, Мамажон, Ваҳобжон, Юсуфжон исмли беш ўғли фронтдан қайтмади. Зулфия ая тўрт келини билан қолди. Кенжа Юсуфжон ҳали ёш эди, кейин уйланаман деб бўйдоқ урушга кетди. Мамажон 1941 йилнинг июлида, Аҳмаджон ундан бир ой кейин фронтга кетди. Кузга бориб Ваҳобжон билан Юсуфжонни ҳам кузатишди. Энг охирида, 1944 йилнинг март ойида мўйлови энди ниш урган Исоқжон жўнаб кетди. Аҳмаджондан атиги битта хат келади. Унда «Мактубни йўлда ёзаяпман, ҳозирча менга хат ёзманглар, биз Сталинград томонга кетаяпмиз. Етиб боргач, аниқ манзил билан хат ёзаман», деган эди. Шундан кейин ундан дом-дарак бўлмади. Мамажондан ора-сира хат келиб турди. У хатларида «Москвани ҳимоя қилаяпмиз, оташ-оловнинг ичидаман», деб ёзарди. 1943 йилнинг охирида уйига ярадор бўлиб қайтиб келди. Соғайгач, колхозда бригада бошлиғи бўлиб ишлади. 1944 йилнинг ёзида яна фронтга кетди. 
 
 
 
 
 
 
Ундан охирги мактуб уруш тугашидан caл аввал келди. «Карнай-сурнайнинг товуши келиб турибди, ҳадемай, охирги катта тўйга (жангга) кирамиз. Шундан омон чиқсам, дийдор кўришиб қоламиз», деганди ўша мактубида. Шундан кейин кўп ўтмай унинг ҳалок бўлганлиги ҳақида «қора хат» келди. 1943 йилнинг ёз кунларида Юсуфжон Ленинградда ҳалок бўлгани ҳақида «қора хат» келди. Кенжа, севимли ўғлининг ҳалок бўлганлигини эшитиб, Зулфия опа фарёд кўтарди. Кейин бошқа ўғиллари ҳалок бўлганлиги, бедарак йўқолганлиги ҳақида кетма-кет хабарлар келди. Уларни Зулфия опага билдиришмади. Зулфия опа ҳаммадан ҳам Юсуфжонга кўп куйди. Юсуфжоним чимилдиқ кўрмай бенишон кетди, деб йиғлади.
 
 
Зулфия бувининг тўрт келини – Лазокат, Ҳамронисо, Ҳидоят, Роҳат Холматовалар ҳам колхозда меҳнат қилишди.
– Қайнонам кўпинча кечаси билан ухламасди, – дейди Мамажоннинг рафиқаси Ҳидоят Холматова. – Ярим кечаси ҳовлида худди биров эшитиб қоладигандай, паст овоз билан ўғилларининг номларини бирма-бир айтиб, инграб юрганини кўп кўрганман. Баъзида қўни-қўшнилар уйимизга кириб, «Кампир бечорага қийин бўлди-да!» деб бошларини сарак-сарак қилиб чиқиб кетишарди. Қишлоқда ким урушдан қайтса, ойим биринчилардан бўлиб бориб: «Мамажонни кўрмадингми, Юсуфжонни кўрмадингми?» деб саволга тутарди. Урушдан кейин бир кун кампир тўрт келинини ёнига ўтқазди-да:
– Мен барчангдан розиман. Бир қарз гапни ўзимдан соқит қилмоқчиман. Тўртовинг ҳам эрдан ёш қолдиларинг. Энди жойи чиқса, турмуш қилинглар. Мени ўйламанглар, оғирлигимни ер кўтаради, ризқимни Худо беради, – дедилар.
Бу гапдан ҳамма овсинлар ўпкаларини тута олмай, ҳўнграб йиғлаб юбордилар.
 
 
– Йўқ, ойи, – деди Ҳидоят келин, – биз яна эрга тегиб, болаларимизни бегоналарга муте қилмаймиз. Доим сизнинг паноҳингизда яшаб, уларни ҳам ота, ҳам она бўлиб тарбиялаймиз. Болаларимиз вояга етиб, ўзларидан кўпайса, юрагимиздаги яралар битиб кетади, дейишгандан кейин:
Энди кампир ҳўнг-ҳўнг... йиғлади.
Кейин дарвоза томонга хиралашган кўзлари билан қаради-да: 
– Биттаси бўлсаям келмади-я!... – деди
Беш норғул фарзандидан жудо бўлган онанинг бу сўнгги сўзлари эди.
Очеркларни ўқир эканман, урушнинг энг кўп азобини чеккан беларусь миллатига мансуб машҳур адиба Светлана Алексиевичнинг Иккинчи жаҳон урушига бағишлаб ёзган китобининг дастлабки нашрида олиб ташланиб, кейин қайта тикланган бир жумласи бот-бот ёдимга келаверди.
 
 
Бу воқеа немис полицайларидан писиб, овоз чиқармай чакалакзорда яшириниб ётган бир гуруҳ партизанлар орасида рўй беради. Жумлани ўқир экансиз “у ҳам урушда қатнашаётган” бегуноҳ мурғак чақалоқнинг нобуд бўлиши қалбингизни ларзага келтиради.
«...Сафимизда яқинда фарзандли бўлган радист аёл ҳам бор эди. Гўдак оч, тинмай йиғлайди. Лекин онанинг ҳам қурсоғи бўш, кўкрагида сут йўқ. Агар ёнгинамиздаги жазо отрядининг итлари сезиб қолса борми... ўттиз кишининг ҳаммасини муқаррар ажал кутади!.. Сизга тушунарлидир? Қарор қабул қиламиз... Командирнинг буйруғини етказишга ҳеч ким ботинолмай туради, лекин онанинг ўзи ҳаммасини фаҳмлади. Йўргакни сувга ботиради... Гўдак „хилқ-хилқ” этиб туриб бошқа ун чиқармади... Бизнинг бошимиз ҳам. На онага, на бир-биримизга қарай оламиз...».
 
 
 
 
  
(С.Алексиевичнинг «У войны не женское лицо» китобидан).
 
 
Бу жумлани ўқир экансиз, беихтиёр Аллоҳ йўлида ўғлини қурбонликка олиб кетаётган Иброҳим алайҳиссалом ёдингизга келади. Адабиётнинг, сўзнинг, уларга сингдирилган эҳтиросу маъно-мазмуннинг кучи, қудрати шу даражада-ки, кичкинагина жумланинг охирига етар-етмас кўз кўриб, қулоқ эшитмаган даҳшатли бу қотилликда чақалоқнинг чорасиз қолган онасига қўшилиб сизнинг ҳам айбингиз, сизнинг ҳам қўлингиз бордек, айбдордек сезасиз ўзингизни.
 
 
Светлана Алексивечнинг бу сўзлари ҳамкасбларимизнинг очеркларидаги беш фарзандини урушда йўқотган Зулфия онанинг “Биттаси бўлсаям қайтиб келмади-я!”... – лаблари пичирлар-пичирламас секингина айтилган бу сўзлари бутун вужудингизни титроққа солади, бу сўзлар қулоқларда онаизорнинг чинқириғи бўлиб акс-садо беради. Зулфия онанинг учинчи ўғли Мамажоннинг сўнгги хатида келтирилган «Карнай-сурнайларнинг товуши келиб турибди, ҳадемай, охирги катта тўйга (жангга) кирамиз“ сўзларидан сўнг эса охирзамон, қиёмат-қойим куни сурнайлари қулоғингизга чалингандек бўлади. Бешинчи, сўнгги, кенжа ўғли Юсуфжоннинг Ленинградда ҳалок бўлганидан хабар топган Зулфия опанинг фарёди юракларни чил-чил қилиб, хону монингизни ўртаб, куйдириб юборади. Беларусь ва ўзбек адибларининг бу сўзларидан бутун вужудингиз титраб, ақлу хаёлингиз ларзага келади, ун чиқармай, сиз ҳам қуйилиб келаётган кўз ёшингизни тўхтата олмай, ичингизда инграйсиз, дод соласиз. Бир ўзбек волидаи муҳтарамасининг бошига тушган беш фарзанд доғи, беш жудоликни қалбингиз, ақлингиз қабул қилмайди. Бундай ахборотни хотирангиз сақлашдан бош тортади. Воқеаларнинг даҳшатлилигидан, партизанлар ҳаётида содир бўлган, деб ёзилган бу ҳақиқатга ишонмасликка ҳаракат қиласиз. Ич-ичингизни емирувчи аччиқ фикр-хаёлларга толасиз. 
 
 
 
Нима, бу ёзувчининг бадиий мушоҳадаси, тўқимасими ёки Иккинчи жаҳон урушида содир бўлган ҳақиқатми?! Бунга жавоб топиш мушкул. Фикримизча, у ҳам, бу ҳам, ҳатто биз билган ва билмаган учинчи бир сир, мўъжиза – ёзувчининг қалби, истеъдоди, маҳорати ҳам бор бунда. ХХI аср беларусь миллати йирик ёзувчисининг бу жумласи, муаллифнинг гапи бўйича, Иккинчи жаҳон урушида бевосита иштирок этган юзлаб совет аёллари: ҳамширалар, учувчилар, таржимонлар, шифокорлар, радистлар билан бўлган суҳбатлари пайтида ёзиб олинган эпизод, лавҳа экан. 
 
 
 
Энг даҳшатлиси, энди туғилган гўдакнинг шу заҳоти нобуд бўлиши бу – ўрмонда, партизанлар ҳаётида содир бўлган аччиқ ҳақиқатдир! Асарлари 35 тилга таржима қилинган, 24 роман, повесть ва ҳикоялари асосида бадиий ва ҳужжатли фильмлар суратга олиниб, икки марта Оскар мукофотига тақдим этилган беларусь ёзувчиси, Нобель мукофоти совриндори Светлана Алекиевич Яратганни тан олган ҳақиқатпарвар адиб, у ёлғон ёзмайди, деган хулосага келасиз. Урушни унинг бутун даҳшатли воқеаларию, миллион-миллион қурбонлари, бутун фожиаси билан ҳақиқат эканлигини тан оласиз, эътироф этасиз. Лаънатлар ўқийсиз!
 
 
 
(Давоми бор)
 
 
Ирисмат АБДУХОЛИҚОВ, ЎзА шарҳловчиси
 
 
МАНБА: www.UzA.uz
 
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech