• Телефон:+99871 239-40-42
  • Манзил: Мирзо Улуғбек т-н, Мирзакалон Исмоилий к. 1Г-уй
  • Ишонч телефони: 1146
  • Иш кунлари: Душанба-Жума, 9:00-18:00
Меню

ХОТИН-ҚИЗЛАРНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ БОРАСИДАГИ ИШЛАР ЯНГИ ПОҒОНАГА КЎТАРИЛИШИДА ХОТИН-ҚИЗЛАР ҚЎМИТАСИ АСОСИЙ ЛОКОМАТИВ БЎЛАДИ

Албатта, тарихий жараёнларга гувоҳ бўлиш ҳамиша ҳаяжонли бўлади, лекин унда улкан масъулиятли вазифаларни олиш унданда ҳаяжонли. Мурожаатнома жараёнида Давлат Раҳбарининг шижоатидан, аёл зотига эҳтиромидан куч олдик, десам муболаға бўлмайди.

Таҳлилимча, Президентимиз парламентга мурожаатида «Жамият – ислоҳотлар ташаббускори» деган янги ғоянинг кундалик фаолиятимизга тобора чуқур кириб бораётганини эътироф этдилар. Бу халқимиз маълум маънода ўз келажагини яратишда ўзи етакчи ва ташаббускор бўлади, деганидир.

Мен узоқ йиллардан буён ислоҳотларни ижрочиси, кузатувчиси сифатида айта оламанки, биз аллақачон илм-маърифатга кучли эътибор қаратиш даражасига келиб қолгандик. Президентимиз айтганларидек, илм-маърифатсиз кучайган иқтисодиёт эмас, бизга илм-маърифат билан уйғун ривожланган иқтисодиёт керак. Шу боис ҳам 2020 йилимизни “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилингани халқимизни ҳам қувонтиргани табиий.

Яна бир қувонарли ҳолат, Президентимиз мурожаатнинг бошидаёқ грант асосида олий таълим олишда қизлар учун  алоҳида қўшимча имтиёзлар яратилишини, Хотин-қизлар қўмитаси бу борада номзодлар тайёрлаш тизимини яратиши лозимлигини айтдилар. Тўғриси, олий таълим олишда йигитларимиз учун берилган имкониятларга ҳавасимиз келарди. Қизларимиз учун Зулфия мукофотидан бошқа олий таълимга имтиёз берувчи айнан восита йўқ.

Тўғри, ўтган йилги статистик маълумотларга кўра, олий таълим соҳасида ҳам хотин-қизлар сони ошган ва талабаларнинг 40% хотин-қизлар бўлган, бу 2011 йилдаги кўрсаткичдан 36% кўп демакдир.Хотин-қизларнинг саводхонлик даражаси эса 99,98%ни, яъни дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан бирини ташкил этади.

Шунга қарамай, маълумотларга кўра айни вақтда ўрта таълим олган хотин-қизларнинг фақат 35% ишлайди, олий маълумотли хотин-қизларнинг эса 68% иш билан таъминланган.

Биламизки, олий таълим олиш имкониятларининг кенгайтирилиши аёллар орасида иш билан таъминланганлик даражасини оширишда муҳим омил. Шунингдек биз сиёсат ва ҳукуматда ҳам аёллар сонини оширишга чақиришдан тўхтамаслигимиз керак, чунки аёлларнинг олий маълумот олишининг ўзи етарли эмас, аёл қизғин жараёнларда фаол бўлиб намуна кўрсатса мамлакат қизларининг таълим олишга интилиши кучаяверади.

Яна бир фикр,  Ўзбекистон Республикаси Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида хотин-қизларнинг таълимига қандай эътибор қаратилган?

Ёки “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали 2018 йили тўрт турдаги таълим дастури бўйича 375 йигит-қиз хорижий олий ўқув юртларига ўқишга юборилган бўлса, 2019 йилда таҳсил олувчилар сони 605 кишига етган. Жамғарманинг 2020 йил учун мўлжалланган таълим дастурида 1000 нафар талабани қамраб олиш белгиланган.Бу квоталарда қизларнинг улуши қандай бўлади?

Хотин-қизлар қўмитаси жамоат ташкилоти сифатида бу жараёнларга фаол аралашмоғи, ўз позицияларини тақдим этмоғи керак. Қизларнинг профессионал фаолият соҳасини танлашини таҳлил қилиш, аниқланган муаммоларни бартараф этиш, аёлларнинг, айниқса ёш қизларнинг қобилиятларини рўёбга чиқариш учун улар қизиқишининг турли йўналишлари бўйича ассоциациялар ташкил этиш юзасидан аниқ таклифларни ишлаб чиқишимиз лозим.

Қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий  жараёнларда фаол иштирок этишига монелик қиладиган сабаблардан бири «аёл уйида ўтирсин, хотин киши рўзғорига қарасин» қабилидаги ақидаларни парчалашга хизмат қилади, деб ўйлайман.

Бу жараёнларда натижага эришишимизда бизга Президентимизнинг мурожаатномадаги қизлар таълими ҳақидаги фикрлари қанот бўлади.Шунингдек, Президентимизнинг бу топшириғи халқимизнинг “Бир ўғилни яхши тарбияласангиз, бир инсонни, бир қизни яхши тарбияласангиз, бир миллатни яхши тарбиялаган бўласиз”, деган ҳаётий ҳақиқатининг намойиши бўлди.

Мурожаатномада ва бунгача бўлган нутқларида Президентимиз аёллар масаласига тарихда кам кузатилган эътиборни қаратдилар. Масалан, “Ижро органида, вазирлик ва идораларда гендер тенгликни таъминлаш, муҳтарама опа-сингилларимизга масъул лавозимларни ишониб топшириш бўйича кўп иш қилишимиз керак. Нега деганда, аёлларимиз ҳаётий муаммоларни бошқалардан кўра чуқурроқ билиши, фидойилиги, кучли масъулият туйғуси, меҳнатсеварлиги билан барчага ўрнак бўлади” ёки"Хотин-қизларга эътибор кучаяди. Энди ёрдам манзилли кўрсатилади!" деган фикрлари бежизга айтилгани йўқ.

 

Мурожаатномада тўхталинган яна бир йўналиш бу оғир шароитли аёлларга ёрдам кўрсатиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлашдир.

Президентимиз нутқларида, бу йил хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар янги поғонага кўтарилишини эътироф этдилар. 2020 йилда 5,5 минг хотин-қизнинг кичик бизнес лойиҳаларига 100 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит берилади, бунинг учун банкларга давлат бюджетидан ресурс ажратилади, бундан ташқари, 1 минг 576 хотин-қизга янги уй-жойга эга бўлиши учун бюджет ҳисобидан бошланғич бадал тўлаб берилади.Ижтимоий ҳимояга муҳтож опа-сингилларимизни Хотин-қизлар тадбиркорлик марказларида 5 та муҳим ташаббус доирасида қисқа ўқув курсларида ўқитиш ташкил этилади.

Ушбу имкониятлар ва Президентимиз топшириғига кўра Сирдарё мисолида республика бўйича оғир турмуш шароитида яшаётган хотин-қизлар ҳолатини ҳудудлар кесимида таҳлил қилишни бошлаганмиз. Айниқса, қишлоқ аёллари аҳволининг мунтазам мониторингини олиб бориш ва шу асосда уларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш чораларини кўряпмиз.

Яна бир фикр, билиб-билмай ёки кўпам эътибор бермай ўтадиган ҳолатларимиз бор. Масалан, аёллар оилавий иттифоқда шерик, рўзғорда кўпинча ҳақ тўланмайдиган бека. Болалар парвариши, ўзаро муносабатларни соғлом ушлаб туриш, болаларнинг соғлиғи, маълумоти даражаси, моддий фаровонлигини аёлларнинг меҳнати белгилайди.Шу маънода аёлга нисбатан жамиятдаги эҳтиром муносабатини оилага ҳам кўчирмоғимиз керак.

Хотин-қизлар қўмитаси Президентимиз мурожаатномасидан келиб чиққан ҳолда, аёлларнинг аҳволи бўйича ижтимоий сўровлар ўтказиш, аёллар бандлигини таъминлаш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, уларнинг сиёсий ва ижтимоий ҳаётдаги иштирокини янада фаоллаштириш, айниқса ёрдамга муҳтож аёлларни қўллаб-қувватловчи нодавлат нотижорат ташкилотларига ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига грантлар ажратиш, аёллар масалалари юзасидан парламент эшитувларини ташкил этишга доир таклифларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ва Сенатига киритиш каби йўналишларда фаолиятини янада кучайтиради.

 

Элмира Боситхонова,

Ўзбекистон Республикаси

 Бош вазири ўринбосари,

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси,

 сенатор

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech