• Телефон:+99871 239-40-42
  • Манзил: Мирзо Улуғбек т-н, Мирзакалон Исмоилий к. 1Г-уй
  • Ишонч телефони: 1146
  • Иш кунлари: Душанба-Жума, 9:00-18:00
Меню

“АҲВОЛ ҚАНДАЙ, БОШЛАНҒИЧЛАР?” (видео)

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилотлари бугун қандай фаолият олиб бормоқда? Бошланғич олдида турган муаммолар нимадан иборат-у, уларнинг ечими йўлида қандай чора-тадбирларни амалга ошириш лозим?!

 

Мазкур саволларга бугун Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасида бўлиб ўтган, Хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилотларининг келгуси фаолият йўналишларини белгилаб олишга бағишланган йиғилишда батафсил жавоб берилди.

 

Таъкидланганидек, мамлакатимизда аёллар масаласи ҳар доимгидан-да долзарб бўлиб турибди. Буни сўнгги пайтларда интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган салбий маълумотларнинг ёки негатив қарашларнинг ҳар иккитадан биттаси айнан аёл сиймоси билан боғлиқлиги ҳам тасдиқлайди.

 

Тадбирда хотин-қизлар борасида юртимизда катта ишлар амалга оширилаётганига қарамай, ижтимоий ҳаётимизда қатор камчиликлар ҳам мавжудлигига эътибор қаратилди.

 

Хусусан, ижтимоий шароити оғир аёлларни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни иш билан таъминлаш масалаларида масъулларнинг иштироки етарли даражада сезилмаяпти. Шунингдек, аёлларимизга ярашмайдиган салбий иллатлар, яъни хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар, жумладан, жиноятчилик, одам савдоси, оилавий ажримлар, эрта никоҳлар, ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари гарчи йилдан-йилга камайиб бораётган бўлса-да, афсуски, ҳали-ҳануз тўлиқ барҳам топгани йўқ.

 

Маълумки, жамоат ташкилотлари ўз позицияси ҳамда мақсадларини бошланғич ташкилотларисиз жамоатчиликка етказиб бериши осон кечмайди ва ҳар қандай тузилма ҳамда ташкилотнинг фаолият самарадорлиги унинг қуйи тизимлари, айниқса, бошланғич ташкилотларининг нечоғли фаоллигига боғлиқ бўлади.

 

Йиғилишда бугунги кунда Хотин-қизлар қўмитасининг вазирлик ҳамда идоралар, корхона ва ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ҳарбий қисмлар, таълим муассасаларида 47 мингга яқин бошланғич ташкилотлари рўйхатга олингани алоҳида эътироф этиб ўтилди.

 

Шунга қарамай, аксарият пайтларда бошланғич ташкилотларни номигагина ташкил қилиб қўйиш, улар тизимнинг давоми сифатида узлуксиз ишламаслиги ҳолатлари жамиятимизда рўй бераётган воқеликларда хотин-қизларнинг позицияси кўринмаслиги ёки суст бўлишида акс этмоқда.

 

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Эльмира Баситханова бу ҳақда фикр билдирар экан, жумладан, шундай деди:

 

— Куни кеча Лола Йўлдошеванинг клипи чиқди. У “Ўзбекконцерт”нинг лицензия олиб, бериш тартибини балки тўғри танқид қилгандир. Лекин атласни масхарабоз кийими қилгани, маънавият сўзини ўйинчоқ қилиб қўйгани — бу йигирма бешинчи кадр. Афсуски, буни яна ижтимоий тармоқда кўпчилик қўллаб-қувватлаган. Ана шундай ҳолатларда бошланғич ташкилотларнинг фаол бўлиши эса жуда ҳам муҳим.

 

Анжуманда бунинг учун қилиниши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди. Шунингдек, уларни самарали ташкил этишда бошланғич ташкилотлар раислари бевосита ҳудудий Хотин-қизлар қўмиталари билан, корхона ҳамда ташкилот жойлашган маҳалладаги хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислар билан доимий ҳамкорлик ўрнатиши зарурлиги таъкидланди.

 

Хотин-қизлар қўмитасининг бошланғич ташкилотлари оила, маҳалла, қишлоқ ва овулларда, ўқув муассасалари ҳамда ташкилотлар, йирик корхоналарда давлатимизнинг аёлларга оид сиёсатини тарғиб этиш, Хотин-қизлар қўмитасининг фаолияти ва позициясини, нуқтаи назарини халқимизга етказиш каби ишларда асосий суянч бўлиши кераклиги қайд этилди.

 

 

 

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Матбуот хизмати.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech