• Телефон:+99871 239-40-42
  • Манзил: Мирзо Улуғбек т-н, Мирзакалон Исмоилий к. 1Г-уй
  • Ишонч телефони: 1146
  • Иш кунлари: Душанба-Жума, 9:00-18:00
Меню

ҲАР БИР ОИЛА, ҲАР БИР ХОНАДОН, ҲАР БИР АЁЛ ДАВЛАТ ҲИМОЯСИДА

Маънавий ҳаётимиздаги хотин-қизлар ва оилалар билан боғлиқ салбий иллатларнинг олдини олиш борасидаги ҳаракатларимизнинг самарадорлиги етарлича бўлмади.
Таҳлиллар шуни кўрсатяптики, «Фалон ҳудудда мактаб ўқувчиси она бўлди», «Фалон мактабнинг 8 синф ўқувчиси чақалоғини ҳожатхонага ташлади» деган оғриқли ва ачинарли хабарларга тез-тез дуч келяпмиз.
Ўз жонига қасд ёки суъқасд қилиш, аёллар жиноятчилиги, энг ачинарлиси оилавий ажрим ҳолатлари ортгани фаолият самарадорлигини оширишнинг янги чораларини кўриш зарурлигини исботлади.
Бундай ҳолатларда қандай ҳаракатланиш керак, бу ҳолларнинг содир бўлишига нега жамоатчилик лоқайд қараб турибди, деган саволларга жавоб топишга қийналиб қолдик. Кўпгина миллий қадриятларимиз, жумладан “Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она” каби ибратли қадриятларимиз маънавий ҳаётимизда сиқиб чиқариб юборилишига жимгина қараб турилди.
Таъкидлаш ўринлики, жамиятни демократик янгилаш, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият соҳаларини ривожлантиришда бутун халқимиз қатори аёлларимизнинг ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайдиган ҳиссаси бор. Ҳозирги вақтда оилани, хусусан, ёш оилаларни мустаҳкамлаш, оғирини енгил қилиш, улар дуч келадиган турли муаммоларни ечиш, зарур кўмак ва ёрдам бериш ҳам аёл зоти вазифаларининг узвий бир қисмидир.
Лекин, Президентимиз таъбири билан айтганда “аёл муаммоларини ҳал этишни аёлнинг ўзига ташлаб қўйиш” юқоридаги каби муаммоларни бартараф этишга тўсқинлик қилди.
Эндиликда янги Маҳалла ва оила масалалари тузилмасида амалга оширишимиз лозим бўлган масалалар талайгина. Жумладан:
ҳозирги интернет ва ахборот даврида оилаларни асраш, муҳитни соғломлаштириш осон кечмаётган бир шароитда оилаларда, маҳаллаларда фаол иш олиб бориш, ёш авлодимизни турли зарарли оқим ва таъсирлардан сақлаш, азал-азалдан халқимизга мансуб бўлган инсоний қадриятларни асраш;
Опа-сингилларимиз, айниқса қишлоқ жойларидаги аёлларимизнинг билим ва профессионал малакасини, салоҳияти ва истеъдодини рўёбга чиқаришлари учун, аёлларимизни иш билан таъминлаш, оилавий бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш учун янги имкониятлар туғдириб бериш;
Болаларимизни, айниқса, қиз болаларни соғлом руҳда тарбиялаш, уларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни, ҳаётда ўз муносиб ўрнини эгаллашига кўмаклашиш;
Ҳар қайси оилада меҳр-муҳаббат тимсоли, хонадонларимиз осойишталигининг посбони бўлмиш аёл зотига ўз маънавий вазифаларини англатиш;
Аёл зотига мансуб бўлган ноёб, бетакрор хусусият ва фазилатларнинг кундалик турмушимиздаги аҳамияти ва таъсирини кучайтириш, оилаларимизни янада мустаҳкам қилиш, шу аснода ҳаётимизни ҳар томонлама обод, гўзал ва мазмунли қилиш;
Ҳар бир оила, ҳар бир хонадон, ҳар бир аёл давлат ҳимоясида бўлишини таъминлаш;
“Оила – муқаддас” ғоясини ёшлар онгига чуқур сингдириш каби вазифаларни мутлақо янгича ёндошувлар асосида ишларимизга танқидий баҳо бериб олиб боришга ҳаракат қиламиз.
Бугунги ташкилий-тузилмавий ўзгаришларни хотин-қизлар масалаларини ҳал этишни янги, юқори босқичга кўтаришга қаратилган амалий қарор тарзида қабул қиламиз. Ва Президентимизнинг бу ташаббусини халқимизга хизмат қилиш, аёллар оғирини енгил қилиш, миллий қадриятларни мустаҳкамлаш борасидаги тарихий аҳамиятга эга ташаббус деб баҳолаймиз.
Бу ўзгаришлар Давлат раҳбарининг “...агар аёл, она бахтли бўлса, оила бахтли бўлади, оила бахтли бўлса, бутун жамият, давлат мустаҳкам ва барқарор бўлади.” деган фикрлари рўёби учун хизмат қилишига умид қиламиз.

ЭЛМИРА БОСИТХОНОВА

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech