• Телефон:+99871 239-40-42
  • Манзил: Мирзо Улуғбек т-н, Мирзакалон Исмоилий к. 1Г-уй
  • Ишонч телефони: 1146
  • Иш кунлари: Душанба-Жума, 9:00-18:00
Меню

Элмира Боситхонова: АЁЛНИНГ, ОНАНИНГ ОВОЗИ ҲАЛ ҚИЛУВЧИ КУЧГА ЭГА!

Азиз опа-сингиллар, қадрли аёлларимиз!

 

Инсоният тарихида аёл ҳуқуқичалик синовларда тоблангани бўлмаса керак.


Бу зот қиз бўлиб туғилгани учун тириклай кўмилгани, эри ўлса бирга ёқиб юборилгани, бирга кўмиб юборилганидек мудҳишликларни бошидан кечирди.


Биргина қатағон йилларида Ўзбекистонимиздан 2,5 мингга яқин хотин-қизлар чет элларда ўқиб қайтгани ёки саводи яхши бўлгани учун ҳам ўлдириб юборилганини тарихий фактларда ўқиганмиз.

 

Улуғ ҳодисаларнинг ҳам бошида кўп ҳолларда аёллар турган. Корея халқи давлатчилиги ривожидан сўз очса, “Кореянинг ер остию ер усти бойликларисиз ҳам тараққиётга эришишига сабаб, аввало корейс аёллари барча нарсаларини жамлаб, тараққиёт йўлида сарфлаган эди” деб бошлашади.

 

Нима демоқчимиз?

 

Сайловга чиқайлик, ўз фуқаролик ҳуқуқимиздан ўз ўрнида фойдаланайлик! Сайлаш ва ҳатто сайламаслик ҳуқуқи ўзида тургани ҳолда албатта сайлов жараёнларида иштирок этиш бу ўз инсоний ҳуқуқини эъзозлаш деганидир!

 

Ўзбекистон тараққиёти учун сайлов жараёнида аёлларимиздан нима лозим? Ватанпарварлик, оналикнинг вазмин мақоми, рўмолни бошга ташлаб “қани кетдик, сайловга бориб овоз бериб келайликчи” дейилса, бориб халқига, ўзига, фарзандларига маъқулроқ дастурга эга номзодга овоз бериб келса бўлди.


“Муаммомни ҳал қилиб берармиди” деган қараш биланмас, шу муаммоларни ким билан ҳал қилса маъқул эканини билиш учун ҳам, ўз вакилига, ўзини номидан иш юритадиган бўлажак депутатга ваколат бериш учун ҳам овоз беришда иштирок этиш зарур.

 

Сайлаш ҳуқуқига эга болаларимизни ўз Ватанини борича яхши кўриши, халқимизни ҳали тузалиши керак бўлган дардлари, ечимини кутаётган муаммолари борлиги, бу йўлда тинимсиз меҳнат қилинаётганини кўриши учун ва албатта инсон ҳуқуқи ва иродаси бу борада муҳим эканини англаши учун ҳам сайловга боришга она бўлиб сафарбар этайлик.

 

Шаҳарларимиздан тортиб энг чека қишлоқларимизда ҳам она боласи билан сайлов участкасига борганида фойдаланиши учун шароитлар яратилган. Ёш оналар, келинчакларимиз чиқишсин сайловларга.

 

Эндигина ҳаётга кириб келаётган, биринчи бор овоз беришда қатнашаётган ёшларимиздаги оташинликни қўллаб-қувватлайлик!

 

Эртамиз бугунимиздан яхшироқ бўлиши, фарзандларимиз биздан кўра бахтлироқ яшаши учун АЁЛнинг, ОНАнинг овози жуда муҳим! Ва ҳатто ҳал қилувчи ҳамдир!

 

22 декабр кунги сайловларда фаол иштирок этайлик, азиз аёллар!

 

 

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech