• Телефон:+99871 239-40-42
  • Манзил: Мирзо Улуғбек т-н, Мирзакалон Исмоилий к. 1Г-уй
  • Ишонч телефони: 1146
  • Иш кунлари: Душанба-Жума, 9:00-18:00
Меню

Гавҳар АЛИМОВА: Энди зўравонлар жавобгарликдан қутулиб қололмайди

Zarnews.uz сайтида бугун «Хотин-қизлар қўмитаси икки ўт орасида қолдими ёки зўравонликка қарши ким курашиши керак?» номли мақола эълон қилинганди. Бугун вилоят хотин-қизлар қўмитаси томонидан шу мавзу юзасидан ўтказилган йиғилишда зўравонликка қарши курашиш чоралари ҳақида сўз юритилди.

 

Йиғилишда Вазирлар Маҳкамасининг «Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерини бериш, ижросини таъминлаш ва мониторинг олиб бориш тўғрисида» Низом қабул қилингани ва унинг мазмун-моҳияти аҳоли орасида тарғиб этилиши лозимлиги белгиланди.

 

Таъкидлаш ўринлики, ушбу Низом ички ишлар органлари томонидан тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерини, шунингдек, ушбуни содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахсларга ҳимоя ордерининг нусхасини бериш тартибини белгилайди.

 

 

- Мазкур Низом билан зўравонликка барҳам беришнинг аниқ механизмлари белгилаб берилди, - дейди йиғилишда сўзга чиққан вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Г.Алимова. - Илгари хотин-қизлар қўмитаси бу масалада кўпроқ яраштирувчи вазифасини ўтаганди. Эндиликда ҳамкор ташкилотлар билан бу ҳолатга қарши жиддий курашувчи бўлиши лозим. Ахир қачонгача оиладаги зўравонликни яширамиз? Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади, деган гап бор халқимизда. Мана, яқин ойларда Ургут, Самарқанд туманларида эри ичиб келиб, рафиқасига тан жароҳати етказгани уларнинг умрига зомин бўлди. Хотин-қизлар қўмитаси бу масалада аввал бу ҳолатларнинг олдини олишда қайсидир маънода қўли боғланган эди.

 

“Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун ижросини амалга ошириш учун эндиликда ушбу Низом асосида иш олиб борамиз. Зўравонлик ҳолатлари статистикаси юритила бошлайди. Тўғри, шу пайтга қадар хотин-қизларни зўрликдан ҳимоя қилиш мақсадида вилоятда ташкил этилган 17 та реабилитация марказларига 700 дан ортиқ аёллар мурожаат қилганди. Уларнинг 170 нафарига психологик ёрдам кўрсатилганди. Аммо айнан тазйиқ ва зўравонлик ҳолати статистикаси юритилмасди. Низомда ҳимоя ордерини бериш тартиби, унинг амал қилиш муддати, бу масалада ички ишлар, хотин-қизлар қўмитаси вакилларининг вазифалари аниқ белгилаб берилган.

 

Бу масалада ваколатимиз доирасида ишлар олиб борганмиз. Мисол учун, оғир турмуш шароитида яшаётган аёллар, зўравонликка, тазйиққа учраши эҳтимоли бор оилалар рўйхати шакллантирилган ва улар билан доимий равишда иш олиб борилаётганди. Хусусан, беш мингдан зиёд оғир турмуш шароитидаги хотин-қизлар, 600 дан зиёд турмуш ўртоғи муттасил ичкиликка берилган оилалар аниқланиб, уларга тегишли тартибда ёрдам бериб борилмоқда. Аммо аксар ҳолатларда зўравонлика эътиборсизлик ҳолати ҳукм сураётанди. Бизнинг аёлларимиз бу ҳолатни яширишга уриниши бор гап. Шунинг учун илгари жабрдийдалар ўзлари мурожаат қилмаса, иложимиз йўқ, деб зўравонлар жиноий жавобгарликдан қутулиб қолишган. Энди бундай бўлмайди.

 

Гулруҳ МЎМИНОВА

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech