• Телефон:+99871 239-40-42
  • Манзил: Мирзо Улуғбек т-н, Мирзакалон Исмоилий к. 1Г-уй
  • Ишонч телефони: 1146
  • Иш кунлари: Душанба-Жума, 9:00-18:00
Меню

ЁРДАМ БЕРМОҚЧИ ЭДИК...ЛЕКИН БИЗНИ ДЕЯРЛИ "ҚУРОЛСИЗЛАНТИРИШДИ"

Яқинда ижтимоий тармоқларда тарқаган қайнонанинг келинини дўппослаётгани видеоси бўйича Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Самарқанд вилоятига тегишли тартибда сўров жўнатгани ва ўрганишлар олиб борилаётгани ҳақида маълумот берилган эди.


Самарқанд вилоят ҳокими ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Г.Алимова бошчилигидаги Экспертлар гуруҳи томонидан ушбу оила топилди. Воқеа иштирокчилари И.Негматов, унинг турмуш ўртоғи З.Жалолова ва онаси Г.Мухторовалар билан суҳбат ўтказилди.


Суҳбат давомида Келин З.Жалолова ўша пайтда арзимаган сабабдан эр-хотин ўртасида жанжал чиққанини, қайнонаси уни тинчлантирганини, қайнонасига ҳеч қандай даъвоси йўқлигини, айни кунларда турмуш ўртоғи ва икки нафар фарзанди билан тинч-тотувликда яшаётганлигини айтиб ўтди.

Унинг турмуш уртоги И.Негматов ушбу лавҳадаги жараён бундан 8 ой олдин содир бўлгани, эр ва хотин ораларида жанжал кўтарилгани ва ҳолатни ўзи видеога олиб, ҳозирда Туркияда ишлаётган қайнонасига юборганини, қилган ишидан пушаймонлигини маълум қилди.


Қайнона Г.Мухторова эса келинини урмаганини, аксинча уни тинчлантиришга ҳаракат қилганини билдирди.

 

Ушбу оила аъзоларига зўравонликнинг ҳар қандай кўринишини содир этган шахсга жазо муқаррарлиги, айниқса болалар руҳиятига салбий таъсир ўтказиш қонуний чора кўришга асос бўлиши мумкинлиги уқтирилди.


Энг ачинарлиси, бу ҳолатда зўравонлик белгилари кўриниб тургани, келин ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб этиши зарурлиги, бу борада келинни ҳимоялашга масъул ташкилотлар тайёрлиги билдирилганида, яна ўша жавоб олинди:

“Қайнонам ургани йўқ, тинчлантирди. Биз яхши яшаяпмиз.” Ва у тинч-тотув яшаётганини билдирги тарзида ёзиб ҳам берди.

 

Қадрли юртдошлар,


Давлат ва жамоат ташкилотлари инсон ҳуқуқларини ҳимоялашга қанча ҳаракат қилмасин, лекин фуқаро ўз ҳуқуқи учун ўзи курашмаган, ҳуқуқий саводини оширмаган жойда керакли натижага эришиб бўлмаслигини англаб етишимиз керак!

 

Хулоса шуки, аёллар ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини чуқур билса, ўз қадрини ҳам билади ва уни бошқалар ҳам қадрлайди.

 

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech