• Телефон:+99871 239-40-42
  • Манзил: Мирзо Улуғбек т-н, Мирзакалон Исмоилий к. 1Г-уй
  • Ишонч телефони: 1146
  • Иш кунлари: Душанба-Жума, 9:00-18:00
Меню

Мардикор эмас, мададкор аёллар

Ҳаммага маълумки, пойтахтимизнинг “Қўйлиқ”, “Эски Жўва” бозорлари атрофларида, шунингдек, Тошкент туманининг Келес ҳудудида мардикор аёл деб юритиладиган, вақтинчалик-бир марталик иш билан банд хотин-қизларнинг иккита асосий нуқтаси бор.

 

Яқинда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси масъуллари мазкур бозорларда бўлиб, вилоятлардан иш излаб келган 287 нафар хотин-қиз билан учрашишди. Мулоқотлар чоғида уларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммолари чуқур ўрганилди.

 

Ўзаро суҳбатлар чоғида мардикор аёллар жойларда таклиф қилинаётган иш ўринлари учун тўланадиган ойлик маошларининг камлиги, марказий шаҳарларда уларнинг хизматига юқорироқ нарх тўланиши, аксарият ҳолларда тураржойга эҳтиёжларининг баландлиги, тўй қилиш ва уй-жойларини таъмирлатиш, фарзандларининг контракт пулларини тўлашлари, касал яқинларини даволатишлари учун катта маблағ зарурлигини асосий сабаб сифатида келтиришди.

 

Қолаверса, жойлардаги яшаш шароитларидан кўра пойтахт шароитининг мақбуллиги, ҳудудларда газ ва электр энергиясида узлуксиз узилишларнинг мавжудлигини ҳам айтиб ўтишди.

 

Шунингдек, бу аёллар айрим иш берувчилар ишлатиб, пулини бермасликларини, баъзи ҳолларда зўравонлик ҳолатларига ҳам учраётганликларини маълум қилишди.

 

Мулоқот якунида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси мутасаддилари ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда аёлларнинг баъзи муаммоларини (масалан, боласига гувоҳнома ёки паспорт олиш, боғча ва мактабга жойлаш, оилавий келишмовчиликларни бартараф этиш ҳамда кредитга уй олиб, тўлолмаётган аёлларни ўз вилоятларида маоши юқорироқ бўлган иш ўринларига жойлаш каби) ҳал этишга кўмаклашишди.

 

Кўриниб турибдики, бугунги вазият мутасадди идораларнинг ўзаро ҳамкорликда ишлашини, ушбу аёллар фаолиятини тартибга солишда инновацион ёндашувларни ва замонавий усулларни қўллашни талаб қилмоқда. Бу борада Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси бир қатор лойиҳалар устида жиддий иш олиб бораётир.

 

 

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси
Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар хизмати.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech