• Телефон:+99871 239-40-42
  • Манзил: Мирзо Улуғбек т-н, Мирзакалон Исмоилий к. 1Г-уй
  • Ишонч телефони: 1146
  • Иш кунлари: Душанба-Жума, 9:00-18:00
Меню

Хотин-қизлар қўмитаси қатъий аралашгач, онаси вафотидан кейин тазйиқ остида вояга етаётган Шукронанинг ҳаётида ёруғ кунлар бошланди

Ота-она (улардан бири)... ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилса, болаларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлса, жумладан жисмоний куч ишлатса ёки руҳий таъсир кўрсатса... ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин”


Оила кодексининг 79-моддасидан.

 

Фарзанд — умр чироғи. Шу боис оилада, қиздир-ўғилдир, бола туғилса, отанинг қадди кўтарилади, онанинг дили шод бўлади. Ҳаёт давомчиси борлигидан Яратганга шукрона айтадилар...

 

Шофирконлик Шукрона Шодиева дунёга келганида унинг хонадонида ҳам бахт сармаст кезгани, ота-онанинг кўнглидан худди шу туйғулар кечгани бор гап. Ширингина чақалоққа Шукрона деб исм қўйилганининг ўзиёқ бу фикрни тасдиқлаб турибди ахир. Аммо...

 

Аммо не тонгки, бу синовли ҳаёт нафақат саодат онларини, балки айрилиқ ва надомат фурсатларини ҳам бирдек тақсимлар экан одамизодга... Зеро, бизнинг бугунги қаҳрамонимиз бўлмиш 9 яшарлик қизалоқнинг ҳаётидаги долғали кунлар ҳам онаси вафот этганидан бошланган эди. Хуллас...

 

Яқинда Бухоро вилояти хотин-қизлар қўмитаси Шофиркон туманида неча йиллар мобайнида давом этиб келган вояга етмаган болага нисбатан зўравонликка — уй зўравонлиги каби даҳшатли воқеага чек қўйди.

 

Маълум бўлишича, 1951 йилда туғилган Дилмурод Шодиев қизи, вояга етмаган Шукрона Шодиевани мунтазам калтаклаб, хотини (Шукронанинг ўгай онаси) билан биргаликда унга тан жароҳатлари етказиб келган. Қизча мунтазам равишда оч қолдирилган, ҳар куни қўшниларнинг уйларига кириб, улардан ейишга нон сўраб юрган. Бундан ташқари, қизчага мунтазам равишда психологик таъсир ўтказилган, яъни отаси уни ногирон қилиш ва бу ногиронлик учун келажакда нафақа пули олиш мақсадида доимий равишда қизининг танасига турли оғирликда шикаст етказишга уринган. Ҳатто уни бундай ҳолатларни ўзи содир этишга, яъни ўз баданини ўзи жароҳатлашга ҳам ундаган. Шукронани бир неча маротаба қўшнилар уйи яқинида оқиб ўтадиган канал ёқасидан топиб олиб келишган. Қизчанинг айтишича, отаси унга ўзини каналга ташлашни буюрар экан. Психологик зўриққан қизча эса отасини кўргандан мум тишлаб, “зомби“ ҳолатига тушиб қолар ва у нима деса, ўшани бажарарди...

 

Мунтазам калтаклар зарбидан ҳатто пешобини ҳам тутиб туролмайдиган ҳолга келган Шукронанинг тақдирига на қўшнилар ва на қариндош-уруғлар аралашолмаганига нима дейсиз?! Дилмуроднинг агрессивлиги ва жаҳлдорлиги боис биронта ҳам одам бу оила билан “сен-мен”га боришни истамасди. Шу боисдан бу уйда юз бераётган бу даҳшатли воқеадан қўни-қўшнилару қариндош-уруғлар хабардор бўлишса-да, Шукронанинг ёнини олишга бирон кимса юрак ютиб ботинолмаган.

 

Бироқ Шофиркон туманидаги “Маҳаллақози“ маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси Ҳалима Ҳалимовагина мазкур вазиятга бефарқ қараб туролмади. Қандай қилиб бўлса-да, Шукронани бу даҳшатлар ичидан чиқариб олишга жон-жаҳди билан интилди. Д.Шодиевнинг тинимсиз таҳдидларига қарамай, Ҳалима опа бу вазиятни вилоят хотин-қизлар қўмитаси ва Шофиркон тумани хотин-қизлар қўмитаси ёрдамида ижобий ҳал қилди.

 

Бухоро вилояти хотин-қизлар қўмитаси раиси Фируза Ибрагимованинг саъй-ҳаракатлари билан Шукрона аввал Шофиркон тумани касалхонасига, сўнг (отасининг таҳдидлари сабабли) Бухоро вилояти болалар шифохонасига жойлаштирилди. Қизча бу ерда даволанди, онаси вафот этганидан бери илк маротаба тўйиб овқатланди ҳамда анчадан бери биринчи марта баданига совун тегиб ювинди (афсуски, йиллар мобайнида уни ўз уйида чўмилтиришмаган, касалхонага олиб келинганида қизча ўта аянчли аҳволда эди. Этика нормаларидан келиб чиққан ҳолда, биз қизчанинг калтакланган ва аянчли аҳволдаги расмларини тўлиқ жойлаштира олмаймиз!)

 

Мунтазам кўрик ҳамда изчил муолажалардан сўнг бугун Шукрона анча ўзига келиб қолган. 

 

Бухоро вилояти хотин-қизлар қўмитаси талаби билан суд-медэкспертиза хулосалари Шофиркон тумани судига тақдим қилинди ва Шофиркон тумани халқ таълими ҳамда Васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан ҳам Дилмурод Шодиевни оталик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақида сўровнома киритилди. 

 

12 август куни Шофиркон тумани фуқаролик суди судга тақдим этилган барча далиллар ҳамда Оила кодексининг 79-моддаси 3-бандига асосланиб, фуқаро Д.Шодиевни оталик ҳуқуқидан маҳрум қилиш хусусида ҳукм чиқарди.

 

Ҳукмга биноан, Ш.Шодиева Бухоро шаҳридаги 32-сонли Меҳрибонлик уйига жойлаштирилди. Бундан ташқари, бола фойдасига Оила кодексининг 99-моддасида белгиланган миқдорда алимент (нафақа пули) ундириладиган бўлди.

 

Шу билан бирга, Шукронанинг ўгай онаси бўлмиш Ойгул Шердоновага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 105-моддаси 1 ва 2-қисмлари, яъни қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш бўйича жиноий иш қўзғатилди.

 

Айни кунларда Шукрона Шодиевани Бухоро шаҳридаги 32-сонли Меҳрибонлик уйига жойлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Қизча ўзини жуда яхши ҳис қиляпти. Вилоят хотин-қизлар қўмитаси мутасаддилари ҳамда яхши одамлар туфайли Шукронага мактаб учун барча керакли анжомлар, кийим-кечак ва бошқа зарур нарсалар тақдим қилинди.

 

Шукрона яна кулишни бошлади. Мурғак ва соф қалбини ҳаммага бирдек очадиган бу қизалоқ меҳрга ташна бўлганлиги сабабли барча кўрган аёлларини “она”, эркакларни эса “дада” деб атайди. Катталар ҳам унга ижобий жавоб қайтаришади.

 

Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси бир мурғак қизалоқнинг ҳаётига бефарқ бўлмаган, бошқалар каби лоқайдлик тўнини киймаган Шофиркон туманидаги “Маҳаллақози” маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси Ҳалима Ҳалимовага ҳамда Бухоро вилояти хотин-қизлар қўмитаси мутасаддиларига, шунингдек, барча ҳамкор ташкилотларга миннатдорлик билдиради.

 

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси
Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар хизмати.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech